Шавкат Мирзиёев бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини тақдирлади

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан 14 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини ҳарбий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони йиғилганларни, барча ҳарбийларни, уларнинг оила аъзоларини байрам билан муборакбод этган.

«Илгари армия алоҳида, халқ алоҳида бир дунё эди. Президент Шавкат Мирзиёев илк кунлардан ‘халқ билан армия – бир тану бир жон’ деган муҳим ғояни илгари сурди ва вазият тубдан ўзгарди. Ҳарбий қисмлар эшиклари халқ учун, бўлажак Ватан посбонлари – ёш авлод учун ҳамиша очиқ бўлиши кераклиги таъкидланди.

Истиқлол ғояларига садоқатли, ватанпарвар ҳарбий кадрларнинг янги авлодини етиштиришга катта эътибор берилмоқда. Аскар ва офицерларнинг замонавий билим олиши, ҳарбий техника ва технологияларни мукаммал эгаллаши, ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси бош мақсад этиб белгиланган», дейилади хабарда.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Армия фақат қурол ва аслаҳа билангина кучли ҳисобланмайди, балки она Ватан учун жонини аямайдиган ҳарбийлар – аскар ва офицерлар, генераллар билан қудратлидир. Армиямизнинг имкониятлари ва жанговар салоҳиятини белгилайдиган асосий омил мана шу, десам, ўйлайманки, сизлар ҳам бу фикрга қўшиласиз», — дея таъкидлаган Президент.

Маросимда бугун дунёнинг турли нуқталарида тинчлик ва осойишталикка таҳдид ва хатарлар, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар юз бераётгани қайд этилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Буюк саркарда Амир Темур бобомиз: ‘Аскарлари ботир эл қудратли бўлур’, деганларида айнан ана шу ҳақиқатни назарда тутган эдилар. Мен ҳар бир аскар, Ватаннинг ҳар бир посбони Амир Темур ва улуғ лашкарбошиларимиз ўгитларини, уларнинг ҳарбий меросини чуқур билиши керак, деб қайта-қайта таъкидлаб келаман. Бу ўлмас ва бебаҳо мерос ҳозирги кунда ҳам ҳар биримизнинг қалбимизга чексиз ғурур бахш этади, муқаддас тупроғимизга садоқат туйғуларини кучайтиради», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган жасур ҳарбийларни ана шундай аждодларимизнинг чинакам ворислари, деб атаган. Маросимда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, божхона тизими ва ички ишлар органлари ходимлари иштирок этган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, Олий Бош Қўмондон йиғилганлар тимсолида бугун жойларда юксак давлат мукофотларини қабул қилиб олаётган барча ҳарбий хизматчиларни самимий табриклаган. Бундан ташқари, унвон тўғрисидаги гувоҳномаларни, орден ва медалларни тантанали равишда топширган. Ватан ҳимоячиларига сиҳат-саломатлик, зиммасидаги олижаноб вазифаларни самарали адо этишда улкан зафарлар тилаган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Қуролли кучлар академиясига ташриф буюргани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар