Соғлиқни сақлаш вазири нима учун ўлим статистикаси эълон қилинмаётганлигига изоҳ берди

Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоев Ўзбекистонда нима учун ўлим статистикаси эълон қилинмаётганлигига изоҳ берди. Бу ҳақда вазир «Daryo» мухбирига маълум қилди.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

Таъкидланишича, вазир, дастлаб, «Статистика қўмитасига тегишли саволга жавоб беролмаслиги»ни айтган, мухбир Статистика қўмитасининг даъвосини эслатгач (маълумотлар, хусусан, Ҳожибоев раҳбарлик қилаётган вазирлик томонидан тақдим этилмаган), «расмий сўров берилса, маълумотлар берилиши»ни маълум қилган.

«Бу сир эмас-ку», — дея алоҳида қайд этиб ўтган вазир Ҳожибоев. Мухбир бу каби маълумотлар 2020 йил октябрига қадар расмий сўров берилмаса ҳам эълон қилиб келинганини эслатганида, вазир: «Йўқ, расмий сўров… Агар сиз айтган статистикани кимдир расмий сўраса, маълумот берилади», — деб жавоб берган. Ҳожибоев расмий сўровсиз бу маълумотлар эълон қилинмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтган.

Маълумот учун, 2020 йил июлида Ўзбекистонда умумий ўлим кўрсаткичи шу ой учун сўнгги йилларда шаклланган ўртача кўрсаткичдан 26,4 фоизга, Тошкент шаҳрида 166 фоизга, Тошкент вилоятида 43,8 фоизга,Навоий вилоятида 51,7 фоизга юқори бўлган. Тахминан шу вақтда, июль—август ойларида Ўзбекистонда коронавирус пандемияси чўққига чиққан, ўлим ҳолатлари сони кескин кўпайган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ коронавирусдан касалланган беморларнинг расмий статистикаси яшириб кўрсатилаётганлиги, бу масалада Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори аввал берган, сўнг рад қилиб чиққан маълумотлари ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бу борада билдирган муносабатидан сўнг «Tez News» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров ССВнинг Республика Патологоанатомия илмий-амалий маркази директори, профессор Ражаббой Исроиловдан шу мавзуда интервью олган.

Профессор Ражаббой Исроилов Акмал Бурхонов аслида бундай маълумотлар коронавирусга ташхис қўядиган лаборатория ходимлари ёки марҳумнинг мурдаси ёрилиб, микроскопда кўздан кечирилиб, ҳақиқий вирус эканлиги тасдиқланганидан кейингина шу каби баёнотни бериши ўринли эканлигини таъкидлаган. Шунингдек, коронавирусдан қанча киши касал бўлиши, улардан нечтаси вафот этиши махсус диагностика ёрдамида тасдиқланишини айтиб ўтган.

Бундан ташқари, Ражаббой Исроилов нафақат коронавирус, балки ҳар қандай касалликдан вафот этганларнинг сони ҳеч қачон яширилмаслиги, агар ўтган бемор патологоанатал текширувдан ўтмаган бўлса, уни даволаган шифокорлар ўлим сабабини маълумотномага киритиб, унинг яқинларига бериши шартлигини маълум қилган.

Маълумот ўрнида, 2021 йил 13 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 77 777 нафарни ташкил этган. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 883 нафар бемордан 158 нафари оғир, 32 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Янгиликлар