Фуқаролар илгари сурган лойиҳалар учун 1,1 трлн сўм ажратилади

Жорий йилнинг 7 апрель куни Ўзбекистон Президентининг «Туман ва шаҳар бюджетлари маблағларини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтириш жараёнларида фуқароларнинг иштирокини янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2022 йилнинг биринчи чорагида ўтказилган ташаббусли бюджетлаштириш жараёни натижалари бўйича фуқаролар томонидан илгари сурилган 2 215 та лойиҳа ғолиб деб топилган ва ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун 1,1 триллион сўм маблағ йўналтирилади.

2022 йил февраль-март ойлари давомида ўтказилган ташаббусли бюджетлаштириш жараёнларида ҳар бири 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб деб топилмаган 139 та лойиҳани амалга ошириш учун қўшимча равишда 85,4 миллиард сўм маблағни туман (шаҳар)ларга ажратилади. Ушбу маблағлар Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан 2022 йилда ўтказиладиган назорат тадбирларида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича маблағлар ҳисобидан йўналтирилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларига ташаббусли бюджетлаштириш жараёнлари бўйича ғолиб деб топилган лойиҳаларда белгиланган ишларнинг тўлиқ ва сифатли амалга оширилиши, ўз вақтида молиялаштирилишини назорат қилиш учун масъулият юклатилган. Бунда, юқорида кўрсатиб ўтилган шахсларнинг ҳисоботлари Олий Мажлис Сенатида ҳар чорак якунида эшитиб борилади.

Қарор билан қуйидагилар белгиланди:

  • жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирлар ўз вақтида молиялаштирилиши ва бажарилишини баҳолаш ҳар чорак якуни бўйича халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан амалга оширилади;
  • ҳисобот йили якуни бўйича Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларнинг бажарилишини якуний назоратдан ўтказади;
  • туман (шаҳар) ҳокимлари ташаббусли бюджетлаштириш асосида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг натижалари бўйича оммавий ахборот воситаларида мунтазам ҳисобот бериб боради.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда ғолиб деб топилган лойиҳалар юзасидан амалга оширилган ишлар бўйича маълумотларни кенг жамоатчиликка мунтазам равишда етказиш тавсия этилди.

Янгиликлар