Аҳоли мурожаатига кўра Андижон шаҳридаги маҳаллада ободонлаштириш ишлари бошланди

Андижон шаҳридаги «Наврўз» маҳалласининг 1-тор саноат кўчасида яшовчи фуқаролар 12 август куни маҳалланинг ҳолати ёмонлиги тўғрисида мурожаат қилган. Мазкур мурожаат юзасидан ҳудудда ободонлаштириш ишлари бошланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Мазкур ҳудудда бўлган вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ҳудудга йиғилган корхона-ташкилот раҳбарлари билан суҳбатлашиб, тегишли идора ва сектор раҳбарларининг ўз вақтида халқнинг ичига кирмаганлигини, муаммоларни ўрганиб уларга ижобий ечим топиш чоралари бўйича тизимли иш ташкил қилмаганликларини танқид қилди.

Фото: Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Ҳоким, шунингдек, ариқларга бетон лотоклар ётқизиш, кўчани асфальтлаш, ёритиш тизимини яхшилаш, бир сўз билан айтганда, ҳудудни бутунлай янгича қиёфага келтириб, обод қилиш ва аҳолига қулайлик яратиш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.

Шу куннинг ўзида кўчани ободонлаштириш, дарахтларга шакл бериш, ариқдан чиққан лойқаларни тозалаш, табиий газ тармоқлари ва деворларга ранг бериш ишлари бошланди.

Аввалроқ Олтиариқда «Дарахтларни суғориш ҳафталиги» доирасида 38 та қабристондаги дарахтлар суғорилгани хабар қилинган эди. 

Янгиликлар