Наманганда мактаб ўқувчиси машинадан 1,2 млн сўмлик телефон ва 50 доллар ўғирлади

Наманган туманида яшовчи аёл 11 август куни туман Ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилиб, «Damas» автомашинаси тунаб кетилганини маълум қилган. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 11 августга ўтар кечаси фуқаро яшаш уйи олдида «Damas» автомашинасининг эшикларини очиқ ҳолда қаровсиз қолдирган. Вазиятдан фойдаланган номаълум шахс машинада бўлган нархи 1 200 000 сўмлик «Samsung J5» русумли телефон ва ғилоф ичидаги 50 долларни ўғирлаб кетган.

Олиб борилган тезкор-қидирув ва суриштирув ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни қўшни маҳаллада яшовчи, вояга етмаган 10-синф ўқувчиси содир этганлиги аниқланган ва ундан далилий ашё олинган.

Ҳолат бўйича туман Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан 12 август куни Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғирлик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Aввалроқ Наманганда қайната келинини калтаклагани ҳақда хабар берилганди. Қайд этилишича, ушбу ҳолат бўйича Янгиқўрғон туман ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан 11 август куни Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Янгиликлар