Самарқандда қум-шағал аралашмасини ноқонуний қазиб олаётган шахсга 6 млн сўмдан ортиқ жарима белгиланди

Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани «Дарғом» канали ўзанидан қум-шағал аралашмасини ноқонуний қазиб олиб, шахсий юк автомашиналарига юклаб бераётганлиги шахсга 6 миллион сўмдан ортиқ жарима белгиланди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири хабар берди.

Фото: Самарқанд вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Пастдарғом туман Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси давлат инспекторлари томнидан ўтказилган рейд кузатувлари давомида тумандаги Жағалбойли ҳудудида фуқаро М.У. томонидан «Дарғом» канали ўзанидан ноқонуний қум-шағал аралашмаларини қазиб олиб, шахсий юк автомашиналарига юклаб бераётганлиги аниқланган.

Қайд этилишича, фуқаро М.У. бундан бир ой аввал ҳам айнан шу жойда ноқонуний тарзда фаолият юритаётганлиги аниқланиб, унга огоҳлантириш берилган ҳамда жаримага тортилган. Бироқ М.У. иккинчи бор Ўзбекистон «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддаси, «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги қонуннинг 35-моддаси талабларини менсимай, қасддан бузилганлиги аниқланган.

Фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 701-моддасига асосан, 6 миллион 690 минг сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда сариқ рангли металлни тилла деб сотган шахс жиноятини яшириш учун 900 доллар пора бераётганида қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик қўшнисини машинасида қасддан уриб ўлдирган самарқандлик эркак 10 йилга қамалгани маълум қилинганди.

Янгиликлар