Хотин-қизларни иш билан таъминлаган тадбиркорларга давлат гранти ажратилади

Тадбиркорлик субъектларига ишсиз хотин-қизларни иш билан таъминлаганлик учун давлат гранти ажратилади.

Унга кўра, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда уларни касбга ўқитиш фаолияти билан боғлиқ битта ижтимоий лойиҳа доирасида 20 нафаргача хотин-қизларнинг доимий бандлигини таъминлаш мақсадида тадбиркорлик субъектларига ҳар 1 нафар бандлиги таъминланадиган ишсиз хотин-қиз учун 3 млн сўмдан ошмаган миқдорда Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан навбатдаги давлат гранти ажратилишини эълон қилинади.

Шу муносабат билан маҳаллаларда марказлар фаолияти учун навбатдаги давлат грантини олиш истагида бўлган тадбиркорлик субъектлари 2023 йил 25 ноябрга қадар тегишли маҳалла фуқаролар йиғинларига лойиҳа таклифларини ва ҳужжатларини тақдим этиши мумкин.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари орқали тақдим этилган лойиҳалар 28 ноябргача туман-шаҳар ишчи гуруҳлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган низом талабларига мувофиқ кўриб чиқилади.

30 ноябрга қадар ҳудудий бошқармалар томонидан Оила ва хотин-қизлар қўмитасига давлат гранти ажратилиши сўралган буюртманома юборилади.

«Лойиҳалар 15 декабрга қадар Республика комиссияси томонидан кўриб чиқилади. Комиссия қарорига кўра 2023 йил 20 декабрга қадар Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан навбатдаги давлат гранти ажратилади», дейилади бу ҳақдаги хабарда.

Янгиликлар