Ўзбекистонда мулкка тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик такомиллаштирилади

Ички ишлар вазирлиги «Мулкка тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини муҳокамага қўйди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 61-моддаси таҳририга ўзгартириш киритиш орқали ўзгалар мол-мулкини ўғирлаш, ўзлаштириш, растрата қилиш, мансаб лавозимини суиистеъмол қилиш ёки фирибгарлик йўли билан оз миқдорда талон-торож қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солиш ёки ўн суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш маъмурий жазосини назарда тутиш таклиф этилмоқда (ҳозирда БҲМнинг бир бараваридан 5 бараваригача).

Шунингдек, модданинг иккинчи қисмида мулкчилик шаклидан қатъий назар корхона, муассаса, ташкилотларда содир этилган худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солиш ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш назарда тутилмоқда (ҳозирда БҲМнинг беш бараваридан 10 бараваригача жарима).

Мазкур моддани тўртинчи қисм билан тўлдириш орқали биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган тақдирда унга нисбатан маъмурий қамоқ билан боғлиқ бўлган жазо тури қўлланмаслиги таклиф этилмоқда.

Модданинг бешинчи қисми таҳрири ўзгартирилган ҳолда, унда фуқароларнинг талон-торож қилинган мулки қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан, шунингдек, корхона, муассаса, ташкилотларнинг талон-торож қилинган мулки қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваридан ошмаса, бундай талон-торож оз миқдордаги талон-торож қилиш деб ҳисобланишини белгилаш назарда тутилмоқда.

Модданинг олтинчи қисмида жисмоний шахсларнинг мол-мулкини оз миқдорда талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар Жиноят кодексининг ўзгалар мулкини талон-торож қилиш бобидаги тегишли моддаларида оғирлаштирувчи ҳолат сифатида берилган тегишли қисм бандлари аломатлари содир этилган тақдирда ушбу модда билан квалификация қилинмаслиги ва жиноий жавобгарликка тортилишига асос бўлиши таклиф этилмоқда.

Янгиликлар