Бельгияда қорбобо қариялар уйида 75 кишига коронавирус юқтирди — видео

Бельгиянинг Антверпен провинцияси Мол коммунасида жойлашган қариялар уйида маҳаллий Қорбобо 75 кишига коронавирус юқтирди. Бу ҳақда «Daily Mail» хабар берди.

Кадр: YouTube

Маълум қилинишича, қариялар уйида 150 киши тадбирда иштирок этган. Қорбобо ва унинг ёрдамчилари  ниқобда бўлган, лекин икки метрлик ижтимоий масофани сақламаган. Қорбобо қариялар уйидан қайтгач,  касал бўлиб қолган. Уч кундан кейин COVID-19’га топширган тест ижобий чиққан. Шундан кейин маҳаллий тиббиёт вакиллари қариялар уйидагиларни оммавий текширувдан ўтказишга қарор қилган.

Кадр: YouTube

Текширувлар натижасида 61 нафар қария ва 14 нафар муассаса ходимида коронавирус аниқланган.

Бельгиянинг етакчи вирусологларидан бири, Лейвен католик университети ходими Марк Ван Ранст биргина аниматор 75 кишига вирус юқтиришига шубҳа қилган. Унинг айтишича, бунга хонани яхши шамоллатмаслик сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Маълумот учун, Бельгияда коронавирусдан ўлим даражаси юқори бўлиб, сўнгги маълумотларга кўра, 608 минг кишида коронавирус инфекцияси аниқланган. COVID-19’дан мамлакат бўйича 18 минг киши вафот этган.

Янгиликлар