Россия Фарғонага импорт тақиқи қўйишига сабаб бўлган помидор қаерда етиштирилгани маълум бўлди

Россия Фарғона импорт тақиқи қўйишига сабаб бўлган, таркибида жигарранг буришиш вируси аниқланган помидор Марғилон бозоридан олиб борилгани аниқланди. Бу ҳақда Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгашининг навбатдаги йигирма учинчи сессиясида иштирок этган «Тez News» мухбири хабар берди.

Фото: «Тez News»

Хабарга кўра, сессия якунида Хайрулло Бозоров иштирокида ОAВ вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилган бўлиб, унда вилоят ҳокимининг барча ўринбосарлари, сектор раҳбарлари, ҳокимликнинг бўлим ва бошқарма раҳбарлари ҳам иштирок этган.

Матбуот анжуманида Хайрулло Бозоров Россиянинг вилоятдан олиб бориладиган помидорга импорт тақиқи қўйиши мавзусига тўхталган. Aниқланишича, «Росселхознадзор» таркибида жигарранг буришиш вируси аниқланган помидор Марғилон бозоридан олиб борилган. Шунингдек, Россияга Фарғонадан синов тариқасида 5 килограмм помидор олиб борилган.

Таъкидланишича, Россияга олиб кетилган помидорни ким етиштиргани аниқланган ва текширилганда деҳқоннинг бошқа помидорларида Россияда аниқланган вирус бўлмаган. Ҳатто Фарғонадаги бирорта иссиқхонада бундай помидор вируси топилмаган. Шунингдек, Хайрулло Бозоров Россия томонидан қўйилган тақиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосига салбий таъсир кўрсатишини айтган.

Фото: «Tez News»

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ветеринария ва фитосанитария назорати федерал хизмати 7 декабрь куни Фарғона вилоятидан олиб келинадиган барча дала экин маҳсулотларига тақиқ қўйгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, ўсимликлар карантини давлат инспекцияси Россия томонидан қуритилган ўрик маҳсулоти учун тақиқ қўйилмасликка келишилгани ҳақида хабар берилган.

Россия ветеренария ва фитосанитария назорати федерал хизмати 26 ноябрдан бошлаб Фарғона вилоятидан олиб келинадиган помидор ва қалампир маҳсулотларига тақиқ қўйгани ҳамда Ўздавкарантин инспекцияси Россияда тақиққа учраган Ўзбекистон помидор ва булғор қалампир маҳсулотларини ўрганишни бошлагани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар