Россия Фарғонадан олиб келинадиган барча дала экин маҳсулотларига тақиқ қўйди

Россия ветеринария ва фитосанитария назорати федерал хизмати (Россельхознадзор) 7 декабрь куни Фарғона вилоятидан олиб келинадиган барча дала экин маҳсулотларига тақиқ қўйди. Бу ҳақда федерал хизмат расмий сайтида хабар қилинган.

Фото: «Tez News»

Россия карантин фитосанитария назорати давомида Фарғонадан олиб келинган 1 тонна қуритилган ўрикдан Капр қўнғизи топилганини маълум қилган. Улар 1 килограмм маҳсулотда 2 тадан қўнғиз личинкаси борлигини аниқлаган, бу эса маҳсулотнинг жиддий зарарланганини англатади.

«Ўзбекистон ўсимликлар карантини давлат инспекцияси билан музокаралар давомида ‘Россельхознадзор’ карантин хизмати раҳбарияти капр қўнғизи ўсимликларнинг зараркурандаси эканлигини таъкидлаган. Уларнинг мамлакат ҳудудига тарқалиши ўсимликлар, шу жумладан, дон ва бошқа маҳсулотларга жиддий зарар етказади. Бу эса Россиянинг экспорт салоҳиятига таъсир қилади», дейилади хабарда.

Aввалроқ Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси Россия томонидан қуритилган ўрик маҳсулоти учун тақиқ қўйилмасликка келишилганини маълум қилган эди.

Таъкидланишича, қўнғиз Россия ҳудудига фақатгина товар маҳсулотларини йўқ қилиши оқибатида мамлакат йилига 5 миллиард рубл зарар кўриш мумкин. Шу сабабли «Россельхознадзор» Фарғона вилоятидан олиб келинадиган барча маҳсулотларга тақиқ қўйишга мажбур бўлган.

Хабарда айтилишича, икки мамлакат тадқиқотчилари ўртасида ўсимлик маҳсулотларидаги капр қўнғизини аниқлашнинг энг самарали усуллари тўғрисида позицияни ишлаб чиқиш бўйича музокараларни ташкил этишга келишиб олган.

Аввалроқ Россия ветеренария ва фитосанитария назорати федерал хизмати 26 ноябрдан бошлаб Фарғона вилоятидан олиб келинадиган помидор ва қалампир маҳсулотларига тақиқ қўйгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўздавкарантин инспекцияси Россияда тақиққа учраган Ўзбекистон помидор ва булғор қалампир маҳсулотларини ўрганишни бошлаганини маълум қилган.

Янгиликлар