Ўзбекистондан Қозоғистонга жўнатилган помидорларда ҳам вирус аниқланди

Ўзбекистондан Қозоғистонга жўнатилган помидорларда ҳам вирус аниқланди. Бу ҳақда «Sputnik Kazakhstan» хабар берди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистондан жўнатилган помидорни томат меваларининг жигарранг ажинлар асосида (ToBRFV) текширади.

Аввалроқ Россия ветеренария ва фитосанитария назорати федерал хизмати 26 ноябрдан бошлаб Фарғона вилоятидан олиб келинадиган помидор ва қалампир маҳсулотларига тақиқ қўйгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўздавкарантин инспекцияси Россияда тақиққа учраган Ўзбекистон помидор ва булғор қалампир маҳсулотларини ўрганишни бошлаганини маълум қилган.

Айни пайтда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ва Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси билан биргаликда «Россельхознадзор» билан мазкур масала бўйича маслаҳатлашувлар ўтказилмоқда.

Қайд этилишича, ҳозирча ушбу вируснинг инсон соғлиғига таъсири ҳақида ҳеч нарса аниқланмаган, лекин бу вирус иссиқхона хўжаликларида 30 фоиздан 70 фоизгача ҳосилни йўқотишга олиб келиши мумкин.

Хабарда айтилишича, ToBRFV ўсимликлар вирусининг янги штамми бўлгани учун Ўзбекистон ҳудудида аввал аниқланмаган. Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларида ҳам ушбу вирусга нисбатан тақиқ мавжуд эмас. ЁИИ комиссияси кенгашининг 2016 йил 30 ноябрдаги қарори билан ToBRFV тасдиқланган карантин обьектларининг рўйхатига киритилмаган.

Янгиликлар