Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили сайланди

Қонунчилик палатасининг 15 январь куни ўтказилган навбатдаги мажлисида Феруза Эшматова Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) лавозимига сайланди. Бу ҳақда палата ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Олий Мажли Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Қайд этилишича, йиғилишда депутатлар Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)ни сайлаш тўғрисидаги масалани кўриб чиққан. Конституциянинг 78-моддаси 16-банди ва «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон хуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги қонуннинг 3-моддасига асосан Феруза Эшматовани Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) лавозимига сайлаш тавсия этилган.

Мажлис якунида депутатлар савол-жавоб, муҳокамалардан сўнг Феруза Эшматова номзодини омбудсман лавозимига сайлаган. Маълумот ўрнида, Феруза Эшматова 1979 йил Қашқадарё вилоятида туғилган. 2000 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаган. Юридик фанлар доктори.

2002–2015 йилларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида фаолият юритган. 2015–2020 йилларда Қонунчилик палатаси депутати бўлган. 2020 йилдан ҳозирга қадар Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси сифатида ишлаб келган.

Янгиликлар