Собиқ вазир Нурафшонга ҳоким бўлди. Аввалроқ унинг вазирликдан кетгани рад этилганди

Собиқ уй-жой коммунал хўжалик вазири Солиев Музаффар Холдорбоевич 15 январь куни Нурафшон шаҳрининг янги ҳокими этиб тайинланди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Музаффар Солиев 15 январь, жума куни Халқ депутатлари Нурафшон шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари 24-сессиясида Нурафшон шаҳри ҳокими этиб тайинланган.

Сессия ишида, шунингдек, Нурафшон шаҳри ҳокимининг капитал қурилиш ва коммуникация масалалари бўйича ўринбосари бошқа ишга ўтгани муносабати билан шу лавозимга Шерзод Усмонов тайинланган.

Маълумот учун, Музаффар Солиев уй-жой коммунал хўжалик вазири лавозимида ишлаб келаётганди. 6 январь куни Музаффар Солиевнинг ишдан олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Вазирлик матбуот хизмати эса вазирнинг ишдан олинганини рад этганди.

«Вазир айни пайтда Самарқандда хизмат сафарида юрибди. Бизга ҳозирча унинг лавозимидан озод қилингани ҳақида расмий буйруқ ёки хабар келиб тушмади. Бундай хабарлар қайси манбалар орқали тарқалаётганидан ҳам бехабармиз», дейилади вазирлик изоҳида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нурафшон шаҳар ҳокими Қаҳрамон Ҳакимов эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар