Uzum холдинги мамлакат иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб қилишни режалаштирмоқда

Uzum экотизим сервисларидан аллақачон 5 миллионга яқин Ўзбекистон Республикаси аҳолиси фойдаланмоқда — бу мамлакат меҳнатга лаёқатли аҳолисининг тўртдан бир қисми. Бизнеснинг янги йўналишларини бошлаш, экотизимни ривожлантиришни жадаллаштириш ва умуман мамлакат иқтисодиётини рақамлаштириш учун компания хорижий инвестицияларни жалб қилишни режалаштирмоқда. Ҳозирда Uzum Яқин Шарқ мамлакатларидан бир қатор инвестиция фондлари билан музокаралар олиб бормоқда.

Янги рақамли хизматларнинг ривожланиши нафақат Ўзбекистон Республикасининг энг чекка ҳудудларида яшовчиларнинг турмуш даражасини оширишга, балки Uzum экотизимининг ўзида ва бутун мамлакат бўйлаб тадбиркорлар орасида минглаб иш ўринларини яратишга имкон беради.

Uzum ягона платформасининг ривожланиши тадбиркорлик фаолиятининг ўсишига бизнесга янги мижозларни жалб қилиш, географияни кенгайтириш, ҳужжат айланишини олиб бориш ва бошқа муаммоларни ҳал қилиш учун воситаларни тақдим этиб ёрдам беради — масалан, бугунги кунда 1500 дан ортиқ тадбиркор ва компаниялар ўз товарларини Uzum Market маркетплейсида сотмоқда, «Капиталбанк» АТБ мижоз- юридик шахсларининг сони эса аллақачон 43 мингдан ошиб, фаол ўсиб бормоқда.

Айни пайтда БААда Uzum холдингининг бош тузилмасини рўйхатдан ўтказиш якунланмоқда, бу эса хорижий фондлар ва компаниялар билан ҳамкорликни фаол ривожлантиришга ёрдам беради. Uzum акциядорлари, ўзбекистонлик тадбиркорлар Равшан ва Мақсуд Абдусамадовлар, Жасур Жумаев, Баҳрам Қодиров, Илёс Матрасулов, Жамол Дадажонов ва Владимир Ян 2023 йил давомида янги бизнес йўналишларини йўлга қўйишни режалаштирмоқда.

Хорижий инвесторларнинг маблағларини жалб қилиш нафақат компания лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштиришга, балки мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга ҳамда хорижий компаниялар ва фондларнинг эътиборини ўзбекистонлик компанияларга жалб этишга ёрдам беради.

Янгиликлар