Ўзбекистонда яна бир қонунбузарлик ҳақида хабар берганлар мукофотланади

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Давлат ер ва кадастр назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ҳужжатга мувофиқ, ер назорати ҳокимликлар томонидан, Кадастр агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Экология қўмитаси томонидан ўтказилади. Кадастр назоратини эса Кадастр агентлиги олиб боради.

Ер назорати қуйидаги асосларга кўра 10 иш кунидан кўп бўлмаган муддатда ўтказилади:

  • ер мониторингида қонунчилик бузилиши кузатилганда;
  • электрон тизим орқали ва аэрокосмик суратларни солиштиришда қонун бузилиши қайд этилганда;
  • ер қонунчилиги бузилишига оид мурожаатларга кўра;
  • ОАВ ёки ижтимоий тармоқлардаги хабарлар асосида;
  • суд ва бошқа органларга ерга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида ахборот келиб тушганида.

Кадастр назорати кадастрни юритишга масъул органлар томонидан Давлат кадастрлари ягона тизимига киритиш учун ахборот бериш, юридик ва жисмоний шахслар томонидан кадастрга оид қонунчиликка риоя этилишини назорат қилишдан иборат. Ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳақида хабар берганлар базавий ҳисоблаш миқдори нинг 10 фоизи (27 минг сўм) миқдорида рағбатлантирилади.

Янгиликлар