Самарқандда 17 августдан бошлаб 500 та автобус ҳаракати қайта тикланади
Самарқанд вилоятида 17 август, душанба кунидан бошлаб жамоат транспорти ўз ҳаракатини бошлайди. Бу ҳақда вилоят транспорт бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, Республика махсус комиссияси қарорига асосан 17 августдан бошлаб вилоятлараро, туман ва шаҳар атрофи йўналишлари бўйича автобус қатновларига рухсат берилади. Ушбу қарордан келиб чиқиб, Самарқанд вилоятида ҳам 500 та автобус ҳаракати қайта тикланади. Жумладан, Самарқанд шаҳрида 47 та йўналишда 250 та Самарқанд шаҳри ва туман марказларини боғловчи ҳамда туманлар ички йўналишларида яна 250 та автобус аҳолига хизмат кўрсатишни бошлайди.
«Барча йўналишлардаги автобусларнинг йўлга чиқишларидан олдин ҳайдовчилар тиббиёт ходимлари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади. Мабодо ҳайдовчиларнинг тана ҳарорати 37°С ва ундан юқори бўлган ҳолатда транспорт воситасини бошқаришига йўл қўйилмайди. Шунингдек, уларнинг тиббий ниқоб ва қўлқопда бўлиши, автобус салонига ниқобсиз бўлган йўловчиларни киритмаслик, имкон қадар ижтимоий масофани сақлашга ҳам эътибор қаратилади. Транспорт воситалари белгиланган талаблар асосида доимий равишда дезинфекцияланиши вилоят транспорт бошқармаси инспекторлари томонидан назорат қилиб борилади», — дейилади хабарда.
Маълумот учун, карантин чекловларига қадар вилоятда 209 та йўналишда 847 та автобус йўловчиларга хизмат кўрсатиб келган. Шундан 54 та йўналишда 469 та автобус Самарқанд шаҳрида фаолият юритган. Қолган 155 та йўналишда 378 та автобус шаҳарлараро ва вилоятлараро қатнов жадвалига асосан ҳаракатланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев 15 августдан Ўзбекистонда карантин чоралари босқичма-босқич юмшатилишини айтиб ўтганди. Шунингдек, Ўзбекистонда 30 кишилик тўйлар ва барча бозорлар фаолиятига рухсат берилиши, 15 августдан кейин карантин чекловларидан қайсилари сақланиб қолиниши маълум қилинди.
Ундан ташқари, тиббий ниқобсиз йўловчи автобус салонига чиқарилмаслиги маълум қилинган.