Самарқандда ўтказиладиган хориж ОТМлари дипломини ностирификациялаш синови кунлари маълум қилинди

Самарқанд давлат университетининг бош биносида 20—21 август кунлари Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 июлдаги қарори билан тасдиқланган «Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартиби тўғрисида»ги низом ижросини таъминлаш мақсадида соҳалар бўйича синов тестлари бўлиб ўтиши режалаштирилди. Бу ҳақда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, «Ҳуқуқшунослик», «Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот», «Иқтисодиёт», «Қишлоқ хўжалиги, муҳандислик, ишлов бериш ва қурилиш» ҳамда «Ўқитувчилар тайёрлаш ва педагогик фанлар» соҳалари бўйича синов тестлари ўтказиладиган сана ва синов тестида иштирок этувчилар рўйхати тузилган. Рўйхатга фақатгина Самарқанд, Жиззах, Навоий ва Қашқадарё вилоятларининг эпидемиологик жиҳатдан барқарор ҳудудларида яшовчи талабгорлар киритилган.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси синов тестларига ўз вақтида келмаган, иштирок этувчилар рўйхатида мавжуд бўлмаган талабгорлар ҳамда тиббий ниқоби бўлмаганларга синовларга киришга рухсат этилмаслиги ҳақида огоҳлантирган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда тест синовлари ностирификация қилиш учун тест синовлари кунлари маълум қилингани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар