Бухоро вилояти ФВБга янги раҳбар тайинланди

Бухоро вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармасида тайинлов амалга оширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фото: ЎзА

Хабарга кўра, Абдураззоқ Абдухолиқов Бухоро вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган.

Маълум қилинишича, Абдураззоқ Абдухолиқов 1972 йил 11 декабрда Тошкент шаҳрида туғилган, маълумоти олий. 2000 йилда ИИВ Ёнғиндан сақлаш олий техник мактабини тамомлаган.

Айни вақтга қадар у Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Ҳозиргача вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи вазифасини бажариб келаётган Шокарим Хушназаров эса Наманган вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

Аввалроқ Асака ва Балиқчи ҳамда Учкўприк туманлари ИИБга янги раҳбарлар тайинлангани, Ўзбекистон Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонига янги ўринбосар тайинлангани хабар қилинган эди.