Мингбулоқда ходимларнинг 6 ойдан бери тўланмаётган иш ҳақлари ундириб берилди

Наманган вилояти Мингбулоқ туманида «Мингбулоқмахсуссувпудрат» масъулияти чекланган жамиятда ишлаётган ҳамда вазифасидан озод қилинган ходимларнинг жами 90 миллион сўмдан ортиқ тўланмаган иш ҳақлари ундириб берилди. Бу ҳақда Наманган вилояти адлия бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, Мингбулоқ туман адлия бўлими томонидан 2020 йил 3 августда «Мингбулоқмахсуссувпудрат» масъулияти чекланган жамиятда ишлаётган ҳамда вазифасидан озод қилинган ходимларнинг иш ҳақидан ҳақдорлиги аҳволини ўрганиш юзасидан сўров хати киритилган. Ушбу сўров хатига жавобан жамиятнинг 2020 йил 7 августдаги 01/66-сонли жавоб хатига кўра, 2020 йил 1 август ҳолати бўйича мазкур жамиятда ишлаётган ва вазифасидан озод қилинган ходимларнинг иш ҳақидан ҳақдорлиги аниқланган.

Ўрганиш натижасига кўра, Мингбулоқ туман адлия бўлими томонидан «Мингбулоқмахсуссувпудрат» МЧЖга тўланмаган иш ҳақини ундириш мақсадида 02-7/124-сонли тақдимнома ҳамда Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судига ариза киритилган.

Натижада киритилган тақдинома ва Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро суди томонидан чиқарилган суд буйруғига кўра фуқароларнинг 91 848 151 сўм тўланмаган иш ҳақилари ундириб берилиши таъминланган.

«Маълумот ўрнида, Меҳнат кодексининг 154-моддаси 1-қисми (Меҳнатга ҳақ тўлаш кафолатлари)да иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ, Меҳнат кодексининг 161-моддаси (Меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари)да кўрсатилган муддатларда тўлаши шартлиги, мазкур кодекснинг 161-моддаси 1-қисмида меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланиши ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмаслиги кўрсатилган», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Самарқандда терговчиларнинг 447 та ноқонуний қарори бекор қилиниб, 41 миллиард сўмлик моддий зарар ҳамда 200 нафар фуқаронинг 600 миллион сўмдан ортиқ иш ҳақи, пенсия ва нафақа пуллари ундириб берилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар