Ўзбекистон фуқаролигини олиш учун ўзбек тилини билиш шарт этиб белгиланди

Ўзбекистонда 15 cентябр, сешанба кунидан «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонун кучга кирди. Бу ҳақда ЎзA хабар қилди.

Хабарга кўра, қонун 13 март куни имзоланган ва орадан 6 ой ўтгач кучга кириши белгиланган эди. Қонунга кўра, 15 cентябрдан давлат фуқаролигини олиш учун ўзбек тилини билиш шарт ҳисобланади.

Қонунга биноан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилишнинг қуйидаги турлари мавжуд:

  •  умумий тартиб;
  •  соддалаштирилган тартиб;
  •  алоҳида тартиб.

Қайд этилишича, мазкур қонунда аввалгисидан фарқли ўлароқ «ватандош» деган тушунча киритилган бўлиб, унга кўра чет давлат фуқароси бўлган ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ҳисобланган ватандошга нисбатан Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилишнинг соддалаштирилган тартиби қўлланади.

Шунингдек, қонун билан Ўзбекистон фуқаролигига умумий тартибда қабул қилишнинг асосий шартларидан бири сифатида ариза топширган шахснинг давлат тилини мулоқот қилиш учун зарур даражада билиши ҳам киритилган.

Таъкидланишича, қонунда Ўзбекистон фуқаролигига алоҳида тартибда қабул қилиш, фуқароликни тиклаш ва тугатиш, фуқароликдан чиқиш ҳамда фуқароликни йўқотиш асослари ҳам белгилаб қўйилган.

Aввалроқ Ўзбекистонда никоҳланувчи келин-куёвга қўшфамилияликка рухсат берилгани ҳақида хабар берилганди

Янгиликлар