Самарқандда 17 нафар ДХМ ва ФҲДЁ ходимига ҳайфсан берилди

Самарқанд вилоятида ДХМ ва ФҲДЁ бўлимларида жами 128 нафар ходим огоҳлантирилди, 17 нафарига ҳайфсан берилди. Бу ҳақда «Tez News»га Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.

Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан 10 cентябрь ҳолатига кўра ДХМ ва ФҲДЁ бўлимларида жами 13 маротаба «сирли мижоз» ва «рейд» тадбирлари ўтказилган. Натижада 128 нафар ходим огоҳлантирилиб, 17 нафар ходимга ҳайфсан берилди.

Шунингдек, 3 нафар ходимга ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жарима интизомий жазоси қўлланилган ҳамда 1 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.

«Сирли мижоз»лар томонидан ўрганилган маълумотлар Давлат хизматлари марказлари фаолиятида мавжуд бўлган камчиликлар ва тўсиқларни аниқлашга, уларнинг чуқур таҳлили эса муаммоларни бартараф этишга йўналтирилган зарур тавсияларни ишлаб чиқишга имкон беради.

Маълумот учун, «сирли мижоз»лар — бу давлат хизматларининг оддий «фойдаланувчиси» сифатида келиб, уларнинг тақдим этилиши ҳақида маълумот йиғувчи ва сифатини баҳоловчи шахслардир. Уларнинг асосий вазифаси ходимлар ўртасида таъмагирлик, порахўрлик ҳамда қонунга хилоф хатти-ҳаракатларга йўл қўймасликка қаратилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Пастдарғомдаги «1000 та жўжа спектакли»га туман прокурорининг алоқадорлиги аниқланмади, лекин унга ҳайфсан берилгани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар