Видео: Чортоқда алимент тўламаслик учун хотинини бўғиб ўлдирган эр 17 йилга қамалди

Наманган вилояти Чортоқ туманида 23 миллион сўм алимент тўлаши керак бўлган эркак хотинини бўғиб ўлдирди. Бу ҳақда «Замон» информацион-таҳлилий дастурида хабар берилди.

Хабарга кўра, Алимардон исмли эркак ота уйига кетиб қолган хотининг олдига борган ва гаплашиб олишини айтиб, одамлар бўлмаган сой бўйидаги дарахтзорга олиб борган. У ерда 23 миллион сўмлик алиментдан бўйин товлаб, хотинини бўғиб ўлдирган. Сўнг у айбини бўйнига олиб, ИИБга борган ва иқрорлик аризасини ёзган.

Мазкур иш жиноят ишлари бўйича вилоят судида кўриб чиқилган. Судда марҳумнинг отаси оила ажрашишида ва қотилликда алиментдан бошқа сабаблар ҳам борлигини маълум қилган. Унинг айтишича, ёш оиланинг ажрашишига уларнинг қўшмачи қўшнисининг алоқаси бўлган. Бундан ташқари, Алимардоннинг онаси ўғли унинг розилигисиз шаръий никоҳдан ўтиб, ота-онасидан алоҳида яшаганини билдирган ҳамда бирга яшаётган келини нега алимент талаб қилаётганини тушунмаганлигини айтган.

Жиноят ишлари бойича вилоят судининг 12 октябрдаги ҳукмига кўра Ортиқов Aлимардон Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «и» банди билан айбли топилган ва 17 йил озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланган.

Аввалроқ Санкт-Петербургда номаълум шахслар ўзбекистонлик ака-укани калтаклаб, 127 рубль пулини олиб қўйгани, Сирдарёда фуқаро қарздорликни ундириш учун борган газ идораси ходимини пичоқлаб ўлдиргани хабар қилинган эди.

Янгиликлар