Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Вазирлар Маҳкамасида котибият мудири этиб тайинланди

Наманган вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Тоҳиржон Рапиқов Вазирлар Маҳкамаси котибият мудири этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Тоҳиржон Рапиқов Вазирлар Маҳкамасида аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари котибиятини бошқаради. Тоҳиржон Рапиқов 1974 йилда Чуст туманида туғилган. 1996 йилда Наманган саноат-технология институтини тамомлаган.

У меҳнат фаолиятини 1996 йилда Чуст тумани агрохизмат уюшмаси мутахассислигидан бошлаган. 1997—2000 йилларда туман қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси етакчи ва бош мутахассиси, 2000—2005 йилларда статистика бўлими бош мутахассиси ва бошлиғи, 2005—2007 йилларда туман ҳокимининг иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари бўлиб ишлаган. 2007—2009 йилларда Наманган вилояти ҳокимлигининг ахборот-таҳлил гуруҳи раҳбари, 2009—2016 йилларда Янгиқўрғон тумани, 2016—2019 йилларда эса Мингбулоқ тумани ҳокими бўлган.

Тоҳиржон Рапиқов 2019 йилдан ҳозиргача Наманган вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари вазифасида ишлаб келаётганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилояти ҳокимига янги ёрдамчи тайинланганди. Шунингдек, Наманган вилоятига янги прокурор тайинлангани хабар қилинганди.

Янгиликлар