Наманганда банк ходимлари 1 млрд сўм кредит маблағларини талон-торож қилгани аниқланди

Сурхондарё ва Наманган вилоятларида кредит маблағларини ўзлаштириш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди.

Маълум қилинишича, департаментнинг Қизириқ тумани бўлими томонидан АТБ «Халқ банки» Қизириқ филиалининг мурожаатига асосан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширувда «Б.С.» МЧЖ раҳбари Э.Б. ушбу банк филиали масъул шахслари билан ўзаро тил бириктириб, қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш ускуналарини сотиб олиш мақсадида 1,7 миллиард сўм кредит ажратилишига эришгани аниқланган. Улар ушбу маблағларни мақсадсиз сарфлаган, кредит таъминоти учун гаровга қўйилган нотурар кўчмас мулк биноси қийматини сунъий равишда ошириб кўрсатиб, кредитннг асосий қарзи ва фоизлари ҳисобидан банк манфаатларига 1,8 миллиард сўм зарар етказган.

Шунингдек, департаментнинг Чортоқ туман бўлими томонидан АТБ «Халқ банки» Чортоқ филиали мурожаатига асосан ҳам терговга қадар текширув ўтказилган. Текширувда ушбу банк филиали собиқ ходимлари 10 та тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари билан ўзаро тил бириктириб, банк муассасасидан тикувчилик ва чорвачилик фаолиятини ривожлантириш мақсадида 42 нафар фуқаро номига расмийлаштирилган 1 миллиард сўм кредит маблағини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Янгиликлар