Навоийда қурилиши тугалланмаган спорт комплексининг томи қулаб тушгани ҳақидаги хабарга изоҳ берилди

Навоийда қурилиши тугалланмаган спорт иншоотининг томи қулаб тушгани ҳақидаги хабарга аниқлик киритиш мақсадида уюшмаси Навоий вилояти ҳокимлиги билан ўрганишлар олиб борди. Бу ҳақда «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси ахборот хизмати хабар қилди.

Кадр: YouTube

Маълумотларга кўра, ижтимоий тармоқларда қурилиши тугалланмаган спорт иншоотига иморатларнинг том қисмини ёпиш учун мўлжалланган плитанинг қулаб тушганлиги ва ушбу қурилиш маҳсулоти Навоий вилоятида ишлаб чиқарилганлиги ҳақида видеолавҳа тарқалган.

Аниқланишича, бугунги кунда Навоий вилоятида бетон плиталар ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан қурилиш объектларига етказилиб берилаётган ушбу турдаги маҳсулот белгилари видеолавҳада акс этган маҳсулотга мутлақо тўғри келмайди.

Қайд этилишича, бугунги кунда Навоий вилояти ҳудудларида видеолавҳада баён этилган бино қурилиши мавжуд эмас ва саноат корхоналари томонидан бу кўринишдаги бетон маҳсулоти етказиб берилмаган.

Аввалроқ Жиззах шаҳар Зилол маҳалласи Мустақиллик кўчасида янгидан қурилаётган кўпқаватли уйлардан бири 10 январь саот 17:15 лар атрофида қулаб тушганди. Жиззах вилоят фавуқулодда вазиятлар бошқармасининг маълум қилишича, ушбу 6 қаватли бино фойдаланишга топширилмаган. Бош прокуратура бино қулабтушиши оқибатида жабрланганлар ва вафот этганлар йўқлигини маълум қилган.

Кейинчалик, мазкур иш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши билан бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов раҳбарлигида Ҳукумат комиссияси тузилган. Орадан вақт ўтиб, ушбу ҳолат юзасидан вилоят қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси мансабдор шахсларига нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Янгиликлар