Шавкат Мирзиёев Анқарада Эрдўған билан учрашув ўтказди

Шавкат Мирзиёев 15 март куни Анқара шаҳрига келгач, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан учрашув ўтказди. Давлат раҳбари Туркия етакчисига мамлакатнинг жануби-шарқий музофотларида ўтган ойда рўй берган вайронкор зилзилалар муносабати билан шахсан чуқур ҳамдардлик билдирди. Жабр кўрган музофотларни қайта тиклаш ва янги инфратузилмани барпо этиш борасида кўрилаётган чора-тадбирларни тўлиқ қўллаб-қувватлади.

Туркия президенти, ўз навбатида, Ўзбекистон президенти ва халқига табиий офат оқибатларини бартараф этишда кўрсатган биродарлик ёрдами, қутқарув ишларидаги фаол иштироки ва жабрланганларга инсонпарварлик кўмаги учун яна бир бор самимий миннатдорлик билдирди. Шунингдек, Эрдоған Туркий давлатлар ташкилотининг 16 март куни ўтадиган фавқулодда саммити ташкилотдаги мамлакатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва биродарлик ришталарининг ёрқин ифодаси бўлишига ишонч билдирган.

Учрашувда Ўзбекистон—Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларининг ривожланиш суръати мамнуният билан қайд этилди. Маълумот учун, кейинги олти йилда Туркиянинг Ўзбекистон иқтисодиётига инвестициялари ҳажми 3,5 миллиард долларни ташкил этган. Туркия Ўзбекистонда энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, енгил саноат ва бошқа соҳаларда йирик лойиҳаларни амалга оширмоқда. Учрашув давомида бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси, шу жумладан Стратегик шериклик кенгашининг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди.

Учрашув якунда Туркия вице-президенти Фуат Ўқтой Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кўп қиррали ва ўзаро манфаатли муносабатларни ҳар томонлама ривожлантиришга қўшган катта ҳиссаси учун “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.

Янгиликлар