Бухорода аёллар автомобиль йўлини тўсиб қўйди — видео
15 июль куни Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида бир гуруҳ аёллар М-37 халқаро аҳамиятга эга магистрал автомобиль йўлини тўсиб қўйган. Бу ҳақда «Дарё» хабар бермоқда.
Хабарга кўра, Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида 15 нафардан ортиқ кредит ололмаган аёллар автомобиль йўлини тўсиб қўйган.
Бухоро мактабгача таълим бошқармаси бошлиғининг маълум қилишича, «Қўрғон» маҳалласи, «Маржона ғунча» нодавлат таълим муассасаси билан Мактабгача таълим вазирлиги ўртасида давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим ташкилоти қуриш учун шартнома имзоланган.
Ҳужжатга мувофиқ, тадбиркор М.И. 1,7 млн сўмлик битим эвазига 90 ўринга мўлжалланган МТМни тиклаб, фойдаланишга топшириши назарда тутилган. Битимга асосан, вилоят «Ипотека» банки томонидан 1,275 млрд сўмлик кредит маблағлари ажратилган. НТМ биносининг қурилиш муддати 2018 йил 31 декабрь кунига қадар белгиланган.
«Бироқ тадбиркор ўзбошимчалик билан қувватни ошириш мақсадида 90 ўринли эмас, 150 ўринга мўлжалланган НТМ биносини қурган. Бундан ташқари, тадбиркор банкдан қўшимча равишда 21 фоизли 300 миллион сўм кредит олган ҳамда ушбу кредитдан қарздорлик юзага келган. Қарздорлиги бўла туриб, у яна банкдан йирик миқдорда кредит сўраган ва рад жавобини олган. Шундан сўнг ўзига таниш бўлган аёллар билан катта магистрал йўлни тўсиб чиқиб, қонунбузилишига йўл қўйган», — деди Бухоро мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Фарҳод Латипов.
Бухоро вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбарининг таъкидлашича, магистрал автойўлда автомашиналар тўқнашуви ҳам содир бўлган, жароҳат олганлар бор ва улар туман марказий касалхонасига ётқизилган.
Ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилган. Қонунбузилиши юзасидан тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман судига юборилган.