Наманганда «темир дафтар»даги оилаларга 17 млрд сўмдан ортиқ маблағ тарқатилди
Наманган вилоятида «темир дафтар»даги оилаларга 17 миллиард сўмдан ортиқ маблағ тарқатилди. Бу ҳақда вилоят ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, вилоятда «темир дафтар»га киритилган 24 400 оиланинг 39 500 нафар меҳнатга лаёқатли аъзоларидан 15 август ҳолатига 33 100 тасининг (84,0%) бандлиги таъминланган. Шунингдек, халқ депутатлари туман ҳамда шаҳар кенгашлари қарори билан 8 000 дан ортиқ оилаларнинг 67 600 аъзолари «темир дафтар»дан чиқарилган.
Қайд этилишича, «темир дафтар»га киритилган 18 300 оилаларнинг 78 700 аъзосига 220 000 сўмдан бир марталик моддий ёрдам маблағлари тарқатилган. 15 августгача тарқатилган маблағнинг умумий қиймати 17 миллиард 300 миллион сўм эканлиги ҳисобланган.
Маълумот учун, Қурбон ҳайити арафасида ажратилган 10 миллиард сўм ҳисобига 10 200 та оилаларга моддий ёрдам пуллари етказилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мингбулоқда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга 448 миллион сўм тарқатилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Мингбулоқда эҳтиёжманд оилаларнинг ҳар бир аъзосига 220 минг сўмдан берилгани маълум қилинганди.