Тошкентда «Хизб ут-Таҳрир» диний экстремистик ташкилотининг 10 нафар аъзоси қўлга олинди

15 сентябрь куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан Олмазор туманида яшовчи 10 нафар «Хизб ут-Таҳрир» диний экстремистик ташкилоти аъзоларининг жиноий фаолиятига чек қўйилди, деб хабар бермоқда ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси.

Фото: ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси

Маълум бўлишича, улар Интернет тармоғи орқали хорижда яшириниб келаётган «Хизб ут-Таҳрир» ДEТ аъзолари билан алоқа қилиб, уларнинг кўрсатмалари асосида аҳоли орасида ташкилот ғояларини тарғиб қилиш ва тарафдорлари сафини кенгайтириш билан шуғулланиб келган.

Таъкидланишича, аниқланган «таҳрирчилар»нинг барчаси муқаддам мазкур ташкилот сафида содир этган жинояти учун жазо муддатини ўтаб чиққан.

Қайд этилишича, мазкур шахсларнинг яшаш манзиллари ва уяли алоқа воситаларида «Хизб ут-Таҳрир» ДEТга тегишли бўлган адабиёт ва материаллар мавжудлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олиб қўйилган.

Ҳозирда уларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ва жавобгарликка тортиш мақсадида, тергов-суриштирув тадбирлари давом эттирилмоқда.

Янгиликлар