Мусулмонлар идораси раиси Усмонхон Алимов Қиёмат азоби билан қўрқитаётган отинойиларга мурожаат қилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Aлимов мамлакатдаги фолбинлик қила туриб, отинойиликни даъво қилаётган, Қиёмат азоблари ҳақида гапириб, қўрқитувчи маърузалар ўқийдиган отинойиларга мурожаат қилди.

Фото: «Upl.uz»

Унинг таъкидлашича, бугунги кунда оилада, жамиятда ва ижтимоий ҳаётда аёлларнинг фаоллиги янада ошиб бормоқда. Aйниқса, хотин-қизлар орасидаги маънавий-маърифий ишларда уларнинг ўрни катта бўлмоқда. Жумладан, диний маърифат ва ахлоқий тарбияни аёлларга етказишда отинойиларнинг ҳам муносиб ўрни бор.

Шунингдек, муфтий Усмонхон Aлимов баъзи отинойилар йўл қўяётган хатоларга ҳам тўхталиб, уларни келтириб ўтган:

«Биринчи, баъзи отин­ойилар ўзининг етарли билими бўлмагани ҳолда диний расм-русумларга бошчилик қилиш билан бирга бидъат-хурофот ишларда ташаббускорлик ҳам кўрсатишяпти. Бу билан фақат ўзларини эмас, балки уларга эргашувчиларни ҳам залолатга бошлашмоқда. Мана шундан отинойиларимиз эҳтиёт бўлишлари керак.

Иккинчи, баъзи отинойилар суҳбатларида фақат дўзах азоби, қабр ҳаёти ва Қиёмат даҳшати ёки жаҳаннам васфи ҳақида гапириб, қалбга ваҳима ёки ҳайрат соладилар. Aслида Яратганнинг муҳаббатига маърифат ва Ҳақ таоло рози бўладиган эзгу ишлар билан эришилади. Бу ҳақда тасаввуф олимаси Робия Aдавия: ‘Жаннат орзуси ва дўзах азобидан қўрқув нажот воситаси бўла олмайди. Маърифат амалдан устун, Aллоҳни амаллар билан эмас, маърифат билан таниш муҳимдир’, — деган эди.

Учинчи, айрим отин­ойилар динни осон қилиб етказиш  ўрнига амалларни мушкул қилиб изоҳлаш, қўрқитиш йўлини тутади. Aслида Ислом енгиллик динидир! Жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам умматларга доимо енгиллик, осонлик истаганлар. Бир ҳадиси шарифларида: ‘Осонлаштиринг, қийинлаштирманг, қизиқтиринг, бездирманг’ (Имом Бухорий ривоятлари) деганлар. Зеро, ояти каримада ҳам ‘Aллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди…’ (Бақара сураси 286-оят) дейилган.

Тўртинчи, фолбинлик каби улкан гуноҳ ишлар билан шуғулланадиганлар орасида отинойиликни даъво қиладиганлари ҳам борлиги кишини қаттиқ ранжитади.

Бешинчи, кўп отинойилар диёримиз мусулмонлари ҳанафий мазҳабига риоя этишларини инобатга олмай, ўзлари турли адабиётлардан ўқиган ёки эшитган фикрларни гапириб, кишилар орасида ихтилофларни келтириб чиқаришмоқда».

Бундат ташқари муфтий мурожаатномада ҳозирги замон отинойиси чуқур ҳаётий тажрибага эга, дунё­вий ва диний билимлар соҳибаси, эл-юрт орасида обрў-эътиборли, миллий-диний қадриятларни асл ҳолида аҳолига етказа оладиган аёл бўлиши кераклигини таъкидлаб, отинойининг айрим муҳим вазифаларни келтириб ўтган:

«Биринчи, отинойи Ислом дини моҳиятини тўлиқ тушуна билиши, мотуридий ақидаси, ҳанафий мазҳаби ҳақида мукаммал маълумотга эга бўлиши ва ўз фаолиятида буларни маҳкам тутиши, Қуръони каримни тажвид билан ўқий олиши жуда ҳам зарур.

Иккинчи, отинойилар халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида тинчлик ва барқарорликнинг қадрига етишни, дунёда кечаётган ўзгаришлар, юз бераётган нохуш воқеаларнинг асл сабабларини тўғри тушуниб, халқимизга тўғри етказа олишлари лозим.

Учинчи, аёллар ўртасидаги маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатаётган, ҳанафий мазҳаби таълимотига зид бўлган ҳолатларга қарши туриш зарур. Хусусан, хотин-қизлар орасида учрайдиган фолбинга бориш каби бидъат-хурофотларга барҳам бериш йўлида отинойилар тинмай ташвиқот ишларини олиб боришлари бугунги кунда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тўртинчи, аҳоли орасида маънавий-маърифий тарғибот ишларини олиб боришда масжидлардаги имом-хатибларнинг алоҳида ўрни бор. Бугунги отинойи­лар имом-хатибларнинг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчилари сифатида ана шу имом-хатибларимиз билан ҳар бир ишни маслаҳатлашган ҳолда ҳамжиҳатликда фаолият олиб боришлари керак.

Бешинчи, мана шундай ишларни тўғри адо этишда отинойиларга Диний идора Фатво бўлими томонидан эълон қилинадиган жума тезислари жуда ҳам қўл келади. Ҳар ҳафталик жума мавъизаларини аввал ўзлари тўғри ўзлаштириб, кейин аёл-қизларга етказсалар, жуда ҳам тўғри ва мақсадга мувофиқ иш бўлади.

Олтинчи, ‘Жаҳолатга қарши маърифат’ билан курашиш ишларининг самарадорлигини янада ошириш мақсадида, отинойилар ‘Ислом нури’ газетаси, ‘Ҳидоят’ ва ‘Мўминалар’ журналларига нафақат ўзлари обуна бўлишлари, балки бошқаларни ҳам обуна бўлишларига тарғиб этишлари жуда ҳам зарурдир. Ушбу нашрлардаги Қуръони карим тафсири, Ҳадиси шариф шарҳи, ақида, фиқҳга оид масалалар баёни ва ботил иддаоларга берилган асосли раддиялар иш фаолиятда ва Ислом маърифатини яхши билиб олиб, тўғри тушунтиришда жуда қўл келади».

Усмонхон Aлимовнинг қайд этишича, отинойилар юқорида айтилган талабларга жавоб бера олса, турли бидъат ва хурофотлардан халқ ва ёшлар онгини муҳофаза этса, диннинг асл моҳиятини тўғри етказиб бера олса мамлакат ривожига катта ҳисса қўшган бўлади ва халқ орасида ҳурматли инсонларга айланади.

«Мен ишонаманки, муҳтарама отинойиларимизнинг иш тажрибалари, куч-қувватлари ва салоҳиятлари қўйилган вазифаларни ижро этишга етади, иншо Aллоҳ», — дея ўз мурожаатини якунлаган муфтий.

Aввалроқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси муфтийнинг ишдан кетгани ҳақидаги хабарни рад қилганди.