Ўзбекистонликлар ўтган 10 ойда фирибгарлар томонидан қанчага «ухлатилгани» маълум бўлди

Ўзбекистонда 2020 йилнинг яанварь—октябрь ойлари фирибгарлик йўли билан фуқаролардан 302 миллиард сўмдан ортиқ маблағ қўлга киритилгани аниқланган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги масъуллари иштирокида АОКАда 15 декабрь куни ўтказилган брифингда маълум қилинди.

Фото: «UzReport»

Ички ишлар вазири ўринбосари Рустам Хатамовнинг аниқлик киритишича, ишга жўнатиш ва автомобиль олиб беришга ваъда бериб, 33 мингдан ошиқ фуқародан 179,7 миллиард сўм ва 11,8 миллион доллар (123,5 миллиард сўм) фирибгарлик билан қўлга киритилган. Ҳолат юзасидан 66 нафар шахсга 24 та жиноят иши очилган.

Брифингда коррупция билан боғлиқ жиноятларнинг асосий қисминининг 85 таси порахўрлик, 51 таси товламачилик ва 311 таси фирибгарлик жинояти ташкил этиши айтилган. Маълум бўлишича, коррупцион жиноятлар асосан ижтимоий соҳада, ҳокимият идораларида, ўрта ва кичик бизнесда ҳамда агросаноат комплексида содир этилган.

Бундан ташқари, 2020 йилнинг 10 ойи давомида коррупция билан боғлиқ 673 та жиноят ишлари аниқланган. Коррупция ва иқтисодий жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси томонидан ушбу жиноятларга алоқадор 126 та гуруҳни қўлга олиб, 84 нафар шахсга жазо тайинланган.

Аввалроқ Ички ишлар вазирлигида 11 ойда қанча ходим коррупцион жиноятлар сабабли ишдан олингани ва ИИВ Ўзбекистонда «тoнировка» сабабли автоҳалокат содир бўлмагани маълум қилинганди.

Янгиликлар