Индонезиядаги 6 балли зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони очиқланди

Индонезиянинг Сулавеси оролида содир бўлган зилзила оқибатида жами 56 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда «РБК» Табиий офатларга қарши кураш миллий агентлигига таяниб хабар берди.

Фото: «Reuters»

Маълум қилинишича, энг кўп қурбонлар Мамужу шаҳрида аниқланган. Уларнинг сони 47 кишини ташкил этади. Мажен шаҳрида эса 9 киши ҳалок бўлган. Айни пайтда Маженда электр таъминоти қисман қайта тикланган. Табиий офатларга қарши кураш миллий агентлиги аҳаллий ҳукумат ва кўнгиллилар билан биргаликда жабрланганларни эвакуация қилишда ва ер ости силкинишлари оқибатларини бартараф этиш ишларини давом эттирмоқда.

«Бундан ташқари, Маженда 637 киши жароҳатланган, шуларнинг 12 нафари жиддий даражада, 200 нафари ўрта оғирлик даражасида ва 425 нафари енгил даража шикастланган. Мамужуда 189 киши жиддий жароҳатлар олган ёки касалхонага ётқизилган», — дейди агентлик вакили Радитя Жати.

Шунингдек, хабарда 6,2 магнитудали зилзила Сулавеси оролининг ғарбий қисмида 15 январга ўтар кечаси юз бергани айтилган. Оқибатда ер ўпирилишлари содир бўлиб, провинциянинг аҳоли энг зич жойлашган икки шаҳри — Мажен ва Мамужу ўртасидаги асосий йўл тўсилиб қолган ва қисман вайрон бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 12 январга ўтар кечаси Мўғулистонда Россия билан чегара яқинида 6,5 балли кучли зилзила содир бўлган эди. Зилзила эпицентри Россиянинг Иркутск вилояти Ангарск шаҳридан 277 километр узоқликда, Хубсугул кўлида жойлашган.

Мавзуга доир: Индонезияда катта кўчки оқибатида 13 киши ҳалок бўлди — фото

Аввалроқ Индонезияда қайд этилган 6 балли зилзила оқибатида 7 киши ҳалок бўлгани хабар қилинган эди. Табиий офат сабаб камида 60 та бино вайрон бўлган. Шунингдек, Туркиядаги зилзила оқибатида 40 дан ортиқ уй вайрон бўлгани ҳақида хабар берилган. Шу муносабат билан Шавкат Мирзиёев Туркия президентига ҳамдардлик билдирган эди.