Бухорода ҳам қарийб 100 та масжид 17 августдан фаолиятини қайта бошлади (фото)

Бухоро вилоятидаги мавжуд 105 та масжиднинг 99 тасида 17 август, душанба куни бомдод намози адо этилди. Қолган 6 та масжидда таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилмоқда, деб хабар беради ЎзA.

Фото: ЎзA

Таъкидланишича, вилоятдаги барча масжидларда намоз ўқишга пухта тайёргарлик кўрилган. Масжидларнинг кириш эшиклари олдида дезинфекцион тўшаклар, тана ҳароратини ўлчайдиган қурилмалар, антисептик воситалар тайёрлаб қўйилган.

«Бухоролик намозхонлар қўлларига махсус суюқликни суриб, махсус дезинфекцияловчи қурилмадан ўтиб, карантин қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда ўзаро масофа сақлаб, ниқобларини тақиб, жамоат намозини ўқишди», — дейилади хабарда.

Фото: ЎзA

Aввалроқ Наманган ва Самарқанд вилоятларидаги жоме масжидлари фаолияти тиклангани ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда масжидлар 17 августдан бошлаб ҳар куни ишлаши хабар қилинган. Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги карантиндан кейин масжидларда намозларни жамоа билан ўқиш учун ҳеч қандай чеклов бўлмаслигини маълум қилган.