Наманганда ака ўгай укасини темир лом билан ўлдириб, унинг жасадини ёқиб юборди

Наманган вилояти Учқўрғон туманида ўгай укасини темир лом билан уриб ўлдирган ака унинг жасадини ёқиб юборди. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Маълумотларга кўра, Учқўрғон тумани «Қўрғонча» маҳалласида яшовчи 50 ёшли фуқаро 11 август куни тунги соат 2:00 ларда шу маҳаллада қўшни бўлиб яшаган 42 ёшли ўгай укаси билан уйида спиртли ичимлик истеъмол қилган. Маст бўлган ака укалар ўртасида тортишув юзага келган.

Оқибатда ука мазкур уйда бўлган ер ковлайдиган ўткир жисм билан акасининг чап биқин қисмига урган. Ўгай ака уйдаги темир лом ёрдамида унинг бош қисми ва танасининг турли қисмларига бир неча бор уриб, тан жароҳати етказган ва қасддан ўлдирган. Шундан сўнг бош қисми таниб бўлмайдиган ҳолатга келган жасадни ҳовлига олиб чиқиб, кесилган терак шохлари ёрдамида ёқиб юборган. Жасад тўлиқ ёниб бўлгунича кузатиб ўтирган.

Вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ҳолат юзасидан муҳокама ўтказди. Суриштирув давомида айбланувчи уч маротаба уйланиб ажрашгани, аканинг ҳам, уканинг ҳам ишсиз экани маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-модда, 2-қисми «ж» банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Аввалроқ Самарқандда хотинини чопиб ташлаб, уйини ёқиб юборган эркак ўз жонига қасд қилани юзасидан жиноят иши қўзғатилганди.

Шунингдек, Тошкентдаги ГЭСда саёҳат чамадони ичидан эркак жасади топилгани маълум қилинганди. Кейинроқ ушбу чамадон ичида топилган жасад иши бўйича икки киши қамоққа олингани маълум бўлди. Аниқланишича, марҳумнинг сумкасидан 660 минг сўм ва 230 AҚШ доллари ўғирланган, паспорти ёқиб юборилган. Ҳайдовчилик ва хизмат гувоҳномалари қайчи билан кесилган ва каналга ташланган.

Ундан ташқари, Наманганда жанжал оқибатида ука аканинг қўлини белкурак билан чопиб ташлаганди.