«Ўзгидромет»: Ҳафта давомида бутун республика бўйича ҳароратнинг пасайиши кутилмоқда

«Ўзгидромет» 17—22 август кунлари учун об-ҳаво маълумотларини тақдим этди.

Маълум бўлишича, 17 август ва 18 август куни Ўзбекистон ҳудудининг катта қисми ғарбий оқим таъсирида бўлади, мамлакатга Каспий денгизи устида шаклланган кам нам ва нисбатан салқин ҳаво киради. Бунинг натижасида республиканинг катта қисмида булутлиликнинг ортиши кутилмоқда.

Шунингдек, Тошкент вилояти, Фарғона водийси вилоятлари, республиканинг тоғолди ва тоғли туманларида шу кунларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Айрим жойларда эса шамолнинг тезлиги 15-20 м/с гача кучайиши мумкин.

Хабарда айтилишича, 17—22 август кунлари бутун республика бўйича ҳароратнинг пасайиши кутилмоқда. Хусусан, ҳаво ҳарорати 28-33 даражагача, жанубда 34-37 даражагача пасаяди.

Бундан ташқари, 19 августдан атмосферадаги ғарбий оқимлар жануби-ғарбий оқимлар билан алмашади. Республика ҳудудига хорижий жанубдан иссиқ ва қуруқ ҳаво оқими кўтарилади. 19-21 августда эса бутун республика бўйича об-ҳаво, асосан, кам булутли бўлиб, ҳарорат бироз кўтарилади.

«Агар 19 августда кундузги ҳарорат 28-33 даража атрофида бўлса, 20-21 август кунлари кундузи ҳаво 34-37 даражагача исийди», — дейилади хабарда.

Янгиликлар