Қозоғистонда ўтган бир суткада 337 киши, Россияда эса 4969 киши COVID-19 юқтириб олган

Қозоғистонда 17 август маҳаллий вақт билан соат 10:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 103 033 нафарни ташкил қилмоқда. Қозоғистон бу кўрсаткич бўйича Марказий Осиёда пешқадам бўлиб турибди. Беморларнинг 82 777 нафари тўлиқ соғайган, 1269 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 337 та янги ҳолат қайд этилган.

Фото: «Nur.kz»

Aввалроқ пандемия даврида қозоғистонликларнинг даромади инқироз даражасигача тушиб кетгани ҳақида хабар берилганди.

Қирғизистон

Қирғизистонда 17 август маҳаллий вақт билан соат 10:30 ҳолатига кўра, 41 856 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилган. Беморларнинг 34 276 нафари соғайиб, 1495 киши ҳаётдан кўз юмган. Ҳозирда мамлакатда 6085 киши коронавирусдан даволанмоқда. Маълумотларга қараганда, Қирғизистонда сўнгги 24 соат ичида коронавирус билан касалланганлар сони 281 кишига кўпайган, 2 нафар бемор вафот этган.

Фото: «Kloop»

Aввалроқ Қирғизистонда сўнгги бир суткада 12 нафар тиббиёт ходими COVID-19 юқтириб олгани хабар қилинганди. Мамлакатда жами 3030 шифокор коронавирусга чалинган.

Тожикистон

Тожикистонда 17 август маҳаллий вақт билан соат 10:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 8065 нафарни ташкил қилмоқда. Беморларнинг 6855 нафари коронавирусдан тўлиқ соғайган бўлса, 64 нафари вафот этган.

Фото: «Asia-Plus»

Aввалроқ Россиядан Тожикистонга қарийб 60 та чартер рейс ташкил этилиши ҳақида хабар берилганди. Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, 16—31 август кунлари оралиғида 55 та чартер амалга оширилади.

Туркманистон

Туркманистон Марказий Осиёда коронавирус расман қайд этилмаган ягона давлат бўлиб турибди. Aйни пайтга қадар мамлакатда бирорта ҳолатда коронавирус инфекцияси қайд этилмаган. Aввалроқ «Туркманистон темир йўллари» вилоятлараро поезд қатнови тўхтовини узайтиргани ҳақида хабар берилганди.

Фото: «Хроника Туркменистана»

«Хроника Туркменистана» нашрига кўра, Туркманистонда поездлар қатнови 1 сентябрга қадар тўхтатилган.

Россия

Россияда 17 август маҳаллий вақт билан соат 10:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 922 853 нафарни ташкил қилмоқда. Россия бу кўрсаткич бўйича дунёда AҚШ, Бразилия ва Ҳиндистондан сўнг тўртинчи ўринда бормоқда. Беморларнинг 732 968 нафари соғайган, 15 685 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 4969 та янги ҳолат аниқланган.

Фото: «Reuters»

Aввалроқ россияликлар коронавирусга қарши вакцина билан бир йил ичида тўлиқ таъминланиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар