Самарадаги чодирли лагерда 4,2 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси тўпланиб қолган

Ўзбекистонлик 4,2 мингдан ортиқ муҳожир Россиянинг Самара вилоятидаги вақтинчалик яшаш пунктида тўпланиб қолган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигига таяниб, «ТАСС» хабар берди.

Хабарда айтилишича, уларнинг барчаси ватанга қайтиш мақсадида келган, аммо чегаралар ёпиқ бўлгани учун Ўзбекистонга ўта олмаяпти.

«Кинель туманидаги вақтинчалик яшаш пунктига Ўзбекистоннинг 4282 нафар фуқароси жойлашган. Лагерда маъмурий ва тиббий чодирлар бор. Сув етказиб бериш, озиқ-овқат ва зарурий буюмларнинг савдоси йўлга қўйилган», — дейилади хабарда.

Шунингдек, лагерда жамоат тартибини бузиш ҳолатлари қайд этилмагани маълум қилинган. Бунга қўшимча, Самара вилоятининг «Кинель» станциясида тўпланиб қолганларнинг яна 900 дан ортиғи 19 сентябрь куни Ўзбекистонга махсус халқаро поездда қайтарилиши режалаштирилгани маълум қилинган.

Маълумотларга кўра, ўзбек муҳожирлари Самарада май ойидан бошлаб тўплана бошлаган. Муҳожирлар учун аввал Большечерниговский туманида, энди эса Кинель туманида чодирли лагер ташкил қилинган. Биргина сентябрнинг ўзида 4 мингга яқин киши бу ердан ватанга олиб кетилди. Ундан аввалги даврни ҳисоблаганда Самара вилоятининг ўзидан Тошкентга жами 8,5 минг нафар Ўзбекистон фуқароси олиб келинган.

Аввалроқ Самарадан яна мингга яқин ўзбекистонлик олиб келингани, Самарада 750 нафардан ортиқ ўзбекистонлик чодирли лагерларга жойлаштирилгани, Россиядаги Ўзбекистон фуқароларини ватанга қайтариш учун сентябрь ойида қўшимча чартер рейслар амалга оширилиши хабар қилинган эди.

Янгиликлар