Жиззахда мактаб ўқувчиси дарс пайтида тўсатдан вафот этди

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги 11-умумтаълим мактабида 14 cентябрь, душанба куни 9-синф ўқувчиси (қиз бола) дарс вақтида тўсатдан вафот этди. Бу ҳақда «Sevimli» телеканалининг «Zamon» информацион дастурида маълум қилинди.

Таъкидланишича, воқеа 3-соат — информатика дарсида юз берган. Дарс тугашига 15 дақиқа қолганда ўқувчи ҳушидан кетган.

«Инглиз тили дарси тугагач, информатика фанини бошладик. Дарсда ўқувчиларнинг ҳаммаси яхши қатнашиб, дафтарига ёзиб борди. Фақатгина шу ўқувчим унча яхши қатнашмади. У фақат ‘конспект’ қилиб ўтирди. Қўнғироққа 15 дақиқа қолганда боши ён томонга оғиб, ҳушидан кетди», — дейди информатика фани ўқитувчиси Дилдора Худойбердиева.

Мактаб директори ўринбосари Дилноза Ҳатамованинг сўзларига кўра, дарс вақтида вафот этган 9-«В» синф ўқувчисининг ҳолати эрталаб мактабга келганида яхши, тана ҳарорати ҳам жойида бўлган. Барча ўқувчилар қаторида антисептик воситалар билан зарарсизлантирилган.

Шу куни «Хаваслик» қишлоқ врачлик пункти шифокорлари 1-синф ўқувчиларини эмлаш учун мактабга келган. Улар ҳушидан кетган ўқувчи қизга биринчи ёрдам кўрсатган. Қизда ҳаёт учун хавфли бўлган ҳеч қандай белги кўринмаган бўлса-да, унда ўпка-юрак реанимацияси амалга оширилган. 15 дақиқалик реанимация ҳаракатидан кейин ҳам беморда ҳаёт белгилари тикланмаган.

Бундан ташқари, ўқувчи қизга ташқи юрак массажи қилинган ва сунъий нафас бериб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Aммо бунинг фойдаси бўлмаган.

Қайд этилишича, айни вақтда ўқувчи қизнинг тўсатдан вафот этиши юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан суриштирув ва экспертиза ишлари олиб борилмоқда.

Aввалроқ Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайрулла Турматов вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Каттақўрғон туман прокурори Ойбек Хўжаев вафот этгани хабар қилинган.

Янгиликлар