«Ўзгидромет» дам олиш кунлари кутилаётган об-ҳаво маълумотларини эълон қилди

Ўзбекистоннинг шимолий чекка ҳудудларига бугунги кундан бошлаб Волга бўйи ҳудудларидан совуқ антитциклон кириб келиши бошланади.

Маълум қилинишича, шанба кунига келиб, ҳаво ҳарорати 30-33 даражагача, Устюртда 23-26 даражагача пасаяди. Шимолда ва чўл ҳудудларида шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучайиши кутилмоқда.

Қайд этилишича, якшанба кунидан бошлаб совуқ фронт кириб келишида қуруқ ва салқин ҳаво Ўзбекистоннинг барча ҳудудига тарқалади. Республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кундуз куни 32-35 даражагача, Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида 22-27 даражагача бироз пасаяди.

Бундан ташқари, кейинги ҳафтанинг бошида совуқ антитциклон таъсири кучаяди. Бутун ҳудудда ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиб туради ҳамда ҳаво ҳарорати барча жойларда иқлимий меъёрларгача пасаяди, кечалари ва эрталабки соатларда 10-13 даражани, кундуз кунлари 26-29 даражани ташкил этади.

Янгиликлар