Бухорода 2,2 кг каннабисни 800 доллар ва 6 млн сўмга сотаётган жиноий шериклар ушланди

Бухоро вилояти Бухоро туманида 2,2 килограмм каннабисни 800 доллар ва 6 миллион сўмга сотаётган икки эркак ушланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати «Tez News»га хабар қилди.

Фото: Бухоро вилоят ИИБ ахборот хизмати

Хабарга кўра, 15 октябь куни вилоятда «Гиёванд моддаларнинг ғайриқонуний айланишига қарши курашиш» борасида вилоят Ички ишлар бошқармаси ва Бухоро тумани ички ишлар бўлими тезкор ходимлари ҳамда туман йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.

Маълум қилинишича, тезкор тадбирда тумандаги «Новметан» МФЙда яшовчи Н.Л. ва Н.A. олдиндан жиноий тил бириктириб, Янгиобод қишлоғи ҳудудида 800 доллар ва 6 миллион сўм эвазига бир дона ичма-ич қилиб кийдирилган қоғоз ва полиэтилен қопга жойланган гиёҳвандлик воситасини сотаётган вақтида қўлга олинган.

Шунингдек, вилоят ИИБ Эксперт-криминалистика бўлимининг 15 октябрдаги «Судга оид кимёвий экспертиза» хулосасига кўра мазкур гиёҳвандлик воситасининг соф вазни 2 килограмм 215 граммга тенг бўлган кўп миқдордаги каннабис эканлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро тумани ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан фуқаролар Н.Л. ва Н.A.га нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан аввал Когон шаҳрида сопол тувакда каннабис етиштириб келган эркак қўлга олингани ҳақда хабар берилган эди. Сўнгра Самарқанд шаҳрида 3 минг долларлик психотроп моддаларни сотмоқчи бўлган эркак ҳамда Қўқонда 3 та целлофан пакетда гашиш ва марихуана сақлаб келган эркак ушлангани маълум қилинган.

Янгиликлар