Бухорода 17 ёшли йигит каналда чўкиб кетди

Йигит каналда сузиш чоғида чўкиб кетган

Бухоро вилояти Когон туманида 17 ёшли йигит чўкиб кетди, деб хабар бермоқда вилоят ФВБ матбуот хизмати.

Хусусан, 2026-йил 27-июн куни соат 14:50 ларда 2009-йилда туғилган фуқаро Сорғун МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Шоҳруд каналида чўмилиш вақтида сувга чўкиб кетганлиги тўғрисида хабар келиб тушган.

Мазкур ҳодиса кенглиги 18–20 метр, чуқурлиги 7–8 метрни ташкил этувчи Шоҳруд каналида содир бўлган.

Шундан сўнг, фуқарони қидириб топиш мақсадида Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарувчилари ҳамда маҳаллий фуқаролар томонидан қидирув-қутқарув ишлари олиб борилган.

Натижада фуқаронинг жасади 2026-йил 28-июн куни соат 16:40 ларда топилиб, сувдан олиб чиқилган.

Ҳозирда тегишли ташкилотлар томонидан дастлабки тергов олди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон