Бухорода қалбаки 98,5 минг долларни муомалага киритмоқчи бўлганлар ушланди
Бухоро шаҳрида катта миқдордаги қалбаки хориж валютасининг муомалага киритилишига чек қўйилди.
Таъкидланишича, ДХХ Бухоро вилояти бошқармаси ходимлари Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган. Натижада Бухоро шаҳрида катта миқдордаги қалбаки хориж валютасининг савдоси аниқланган.
Маълум бўлишича, Ўзбекистонга яширинча олиб келинган сохта чет эл валютасини Тошкент шаҳрида яшовчи Т.Х. ва Т.М. сотиш мақсадида Бухоро шаҳрига олиб боган. Улар қалбаки 88 450 АҚШ долларини 34 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Шунингдек, уларнинг ёнида яна 10 050 сохта АҚШ доллари борлиги маълум бўлган. Тезкор тадбир давомида жами 98 500 қалбаки АҚШ доллари мусодара қилинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ чегара тўсиғи устидан Қирғизистонга 180 минг доллар улоқтирмоқчи бўлган андижонлик ушлангани хабар қилинган эди.