Фарғонада хонадондан 3 млн сўмлик тилла тақинчоқлар ва 4,5 млн сўмга яқин пул ўғирлаган шахс қўлга олинди
Фарғона вилояти Фарғона туманида хонадондан 400 доллар, 200 минг сўм ва 3 миллион сўмлик тилла тақинчоқларни ўғирлган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, Фарғона туманида 13 сентябрь куни «Оқтом» МФЙ ҳудудида яшовчи М.М. исмли аёл ички ишлар бўлимига мурожаат қилган. Унда 11 сентябрь куни соат 08:00 дан 12 сентябрь куни соат 23:00 бўлган вақт оралиғида номаълум шахс яшаш хонадонига ғайриқонуний равишда кириб, ўғирлик содир этганини маълум қилган. Ўғирланган буюмлар рўйҳатига ётоқхонасида бўлган 400 доллар, 200 минг сўм пул ва нархи 3 миллион сўмлик аёллар тилла тақинчоқларини киритган.
Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 2-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни М.И. содир этганлиги аниқланиб, унга нисбатан суд томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Маълумот учун, Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Аввалроқ Улуғнорда хонадондан қарийб 13,5 миллион сўмлик тилла тақинчоқларни ўғирлаганлар қўлга олингани, Қўштепада ўзи ишлаган уйдан салкам 4 миллион сўмлик қурилиш анжомларини ўғирлаб кетган уста ушлангани хабар қилинган эди.