Марғилонда йўлнинг бир қисми сифатсиз таъмирланганининг сабаби маълум қилинди

Фарғона вилояти Марғилон шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати Б.Марғилоний кўчасининг Ипакчилар шаҳарчасидаги қисми сифатсиз таъмирланганининг сабабини маълум қилди.

Фото: Марғилон шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, мурожаатда кўрсатилган ҳудуд автомобиль йўлининг бир қисми хисобланади. 2020 йилнинг 9 январь куни қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг 2020–2022 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорга мувофиқ мазкур йўлни реконструкция қилиш муддати 2018–2021 йиллар этиб белгиланган.

Фото: Марғилон шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Автомобиль йўлини қуриб битказиш муддати 2021 йил якуни этиб кўрсатилган бўлиб, 2020 йилда эса ушбу объект лойиҳасининг ажратилган маблағлар доирасидаги бир қисми бажарилмоқда.

Йўлнинг жами реконструкция сметаси 40,55 миллиард сўмни ташкил этиб, 2020 йил учун 10 миллиард сўм лимит ажратилган.

Ҳозирда босқичма-босқич йўл қисми кенгайтирилиб, лоток ўрнатиш, йўл ўқига ажратувчи тўсиқ ўрнатиш, ёритиш чироқлари ўрнатиш, пиёдалар йўлакларини асосини қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур автомобиль йўлини реконструкция қилиш икки босқичда амалга оширилиши белгиланган.

«Объкетнинг фойдаланишга топшириш муддати 2021 йил эканлиги муносабати билан ҳамда 2020 йил учун ажратилган лимит доирасида барча белгиланган ишлар бажариб бўлинганлигини инобатга олган ҳолда реконструкция ишлари якунланишдан олдин автомобиль йўлининг пиёдалар йўлагига йўл ётиқ чизиқлари (зебра) чизиш ва пиёдалар ўтиш жойи йўл белгилари билан тўлиқ жиҳозлаш ишлари амалга оширилади.

Фотосуратда кўрсатилган автомобиль йўли ҳудуди — драма театри ён қисмида янги лойиҳага кўра барпо этилиши лозим бўлган пиёдалар ҳаракатланиш йўли қисми (тротуар) ўртасида мевали дарахт жойлашган бўлиб, ушбу ҳудуддаги фуқаролар томонидан мевали дарахтни ёз мавсумида кесмаслик сўралган», дейилади хабарда.

Аҳолининг талаб ва истакларидан келиб чиққан ҳолда куз мавсумига қадар мевали дарахт кесилмаган. 2020 йил 18 сентябрь куни мутасаддилар иштирокида фуқаролар билан суҳбат олиб борилган. Пиёдалар йўлагини қуриш учун ушбу эски мевали дарахтни остидан кесиш лозимлиги тушунтирилган. Лойиҳага кўра қурилиш ишлари давом эттирилмоқда.

Аввалроқ Тошкент вилоятида 9 ой мобайнида 480 дан ортиқ ЙТҲ бўлган автомобиль йўлига чироқлар ўрнатилиши ҳақида хабар берилган. Шунингдек, Фарғонада 7 ой давомида 25 та ЙТҲ содир бўлган йўлга шовқин чиқарувчи термопласт йўл чизиқлари чизилгани маълум қилинган эди.

Янгиликлар