Тошкентда «права» олиб бермоқчи бўлган фирибгарлар ушланди

Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида Ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиб беришни ваъда қилган фирибгарлар ушланди.

Унга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Учтепа туман бўлими томонидан ДХХ ва ИИВ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро А.Т. фуқаролар М.А. ва Т.А.га 3 300 АҚШ доллари эвазига гўёки ИИБда ишловчи танишлари ёрдамида ҳеч қандай ўқув машғулотларига қатнашмасдан «B», «С», «Д» тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиб беришни ваъда қилган.

«Фирибгарлар алдов йўли билан 1 650 АҚШ долларини икки нафар фуқародан  олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган», дейилади  департамент хабарида.

Бундан ташқари, Департаментнинг Хонобод шаҳар бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда «А.Г.» МЧЖга қарашли автомактабнинг бошқарув устаси И.С. фуқаро Ф.М.га танишлари ёрдамида «B» тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб беришни ваъда қилган. У 650 АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Хабарда айтилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.