«Aвтобусда ҳатто чоллар ҳам менга шилқимлик қилади». Талаба қиз автобусдаги тегажоқликлар ҳақида айтди
Талаба қиз автобусда ҳамма, ҳатто чоллар унга шилқимлик қилиши, автобусда кўпинча нохуш ҳолатлар бўлгани ва бундай ҳолатлар сабабли машинага пул йиғаётгани ҳақида айтиб, «Nemolchi»га мурожаат йўллади.
Унинг мурожаатига кўра, ўқишга кирганидан буён автобусда юради. Бундай ҳолатлар унда 15 ёшидан буён такрорланмоқда:
«Биринчи марта 15 ёшимда менга нисбатан тегажоқликлар бошланган. Гарчи онам менга бундай одамлар борлигини жуда кўп огоҳлантирган бўлса ҳам, мен унинг сўзларига жиддий аҳамият бермасдим. Эсимда, нотаниш кишининг орқа томондан ғалати ҳаракатини сезганман, лекин кимдир тасодифан тегиб кетди, деб ўйлаганман. Бу ҳолат такрорланавергандан сўнг мен эсанкираб қолдим ва ҳеч нарса қилолмадим. Бахтимга, манзилимга етиб келдим ва автобусдан тушдим. Бу ҳақда эса фақат опамга айтолдим».
Шунингдек, у автобусда одамлар тиқилинч бўлган ҳолатларда шилқимлик яна ҳам кучайишини айтди. Ҳатто унга нисбатан жуда бемаъни ҳаракатлар ҳам қилинганини таъкидлади:
«Иккинчи марта, автобусда орқамда бир йигит турганди. Уйқисираган ҳолатда эдим. Бирдан сесканиб кетдим, у менга жуда ғалати ва бемаъни ҳаракатлар қилаётганини сездим. Мен бунга зўрға икки дақиқа бардош беролдим. Дарҳол орқамга ўгирилдим, шунда у ҳаракатларини тўхтатди».
Унинг сўзларига кўра, бундай ҳолатлар унда жуда кўп марта содир бўлган. Бора-бора у жим турмайдиган, шундай ҳолатларда баланд овозда бақирадиган одат чиқарган. Шунингдек, унга ёшлар, ҳатто қариялар ҳам шилқимлик қилганини маълум қилди.
«Aвтобусда ҳатто чоллар ҳам менга шилқимлик қилади. Икки кишилик ўриндиқда ўтирган эдим, олдимга ёши катта амаки келиб ўтирди. Қўлидаги катта сумкасини тиззасига қўйиб, бир қўлини сумканинг тагига қўйди. Билмадим, у мени худди яланғочдек ҳис қилдими, пастдаги қўли билан менга аста тегина бошлади. Мен буни сездим. Бирдан у ўрнидан турди-да, кетди. Мен узун кўйлакда эдим, қўлларим, елкаларим ёпиқ эди», — дейди у.
Таъкидлашича, машина сотиб олгандагина бундай жирканч шилқимликлардан халос бўла олади. Шу сабабли ҳозирда у машина учун пул йиғмоқда.