«Биз ёшларимизни тарихий тафаккур билан қуроллантиришимиз зарур» — Шавкат Мирзиёев

Шавкат Мирзиёев раислигида 19 январь, сешанба куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тадбирда давлат раҳбари маънавият борасида ечимини кутиб турган, ўзгаришлар шамоли кириб бормаган масалалар кўплигига аҳамият қаратган.

«Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир. Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият», – дейди Шавкат Мирзиёев йиғилишда.

Шунингдек, Президент мамлакат мафкурасининг асосий ғоясини ҳам таъкидлаб ўтган:

«Биз яратаётган янги Ўзбекистоннинг мафкураси эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади. Биз мафкура деганда, аввало, фикр тарбиясини, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини тушунамиз. Улар халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қадриятларига асосланган», – дея таъкидлаган давлат раҳбари.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилиш давомида Шавкат Мирзиёев лоқайдлик ва бепарволик энг катта хавф эканини, бугун учраётган ижтимоий муаммоларни камайтириш учун нуронийлар тарбияси, жамоатчилик назорати етишмаётганини таъкидлаган. Йиғилишда қайд этилганидек, ижтимоий-маънавий муҳитни илмий асосда таҳлил қилишни даврнинг ўзи талаб этмоқда. Жамиятда маънавий-маърифий ишлар шундай асосда йўлга қўйилмагани учун ҳам кутилган натижани бермаяпти.

Шунинг учун Республика Маънавият ва маърифат маркази ишини танқидий ўрганиб чиқиб, фаолиятини тубдан такомиллаштириш зарурлиги айтилди. Президент ушбу марказнинг «Маънавият тарғиботчиси» ўқув муассасаси негизида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтини ташкил этиш таклифини билдирди. Йиғилишда маънавий-маърифий ишларни сифат ва мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари белгиланди.

Янгиликлар