Самарқандда аёл яланғоч тушган суратларини тарқатмаслик учун танишидан 2 минг доллар талаб қилди

Самарқанд вилояти Жомбой туманида 16 январь куни фуқаро М.Ф. таниши Э.га телефон қилиб, унинг яланғоч тушган расмлари телефонида борлигини, 2 минг доллар бермаса, ушбу расмларни интернет тармоғига жойлаштиришини айтган. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News» / Иллюстратив

Маълум қилинишича, Жомбой туманида яшовчи Э. Самарқанд шаҳри бўйича ички ишлар органи фаолиятини мувофиқлаштириш бўлимига ариза билан мурожаат қилиб, Самарқанд шаҳар Суғдиёна масканида яшовчи таниши М.Ф.га нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

2021 йил 16 январь куни Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ жиноят-қидирув бўлими ходимлари томонидан Самарқанд шаҳар Марҳабо маҳалласида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро М.Ф. ариза муаллифидан тадбирда ишлатилган 1 миллион 45 минг сўмга тенг бўлган минг долларни олаётган вақтида ушланиб, ҳужжатлаштириб олинган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Самарқандда фуқаронинг қайнсинглиси билан тушган уятли расмларини тарқатмаслик учун 800 доллар сўраган аёл ушлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Бухорода танишининг «ўйнаши» борлигини яшириш учун ундан 71 миллион сўм олган қиз ушлангани хабар қилинган.

Янгиликлар