Самарқандда фуқаронинг қайнсинглиси билан тушган уятли расмларини тарқатмаслик учун 800 доллар сўраган аёл ушланди

Самарқандда фуқародан қайнсинглиси билан тушган уятли расмларини тарқатмаслик эвазига 800 АҚШ доллар талаб қилган сурхондарёлик шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.

Фото: «Спутник»

Хабар қилинишича, Ургут тумани ички ишлар бўлимига 2021 йил 16 январь куни туманнинг Қуйи Алгар маҳалласида яшовчи А.Т. исмли фуқаро ариза билан мурожаат қилган.

Мурожаатда Сурхондарё вилоятида яшовчи Х.У. телефон қилиб, қайнсинглисини ўзи билан тушган уятли фотосуратлари борлиги, ушбу фотосуратларни ижтимоий тармоқларга тарқатмаслик эвазига 800 АҚШ доллари талаб қилаётганлигини ҳамда унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Ургут тумани бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Самарқанд шаҳридаги Самарқанд–Тошкент автобекати олдида ўтказилган тезкор тадбир давомида Х.У. ариза муаллифидан 500 АҚШ доллари ва 1,6 миллион сўм пулни олиб, уятсиз фотосуратлари бўлган телефонни А.Т.га берган вақтида жиноят устида қўлга олинган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Бухорода танишининг «ўйнаши» борлигини яшириш учун ундан 71 миллион сўм олган қиз ушлангани ва Самарқандда эркак хотини ва унинг жазманини пичоқлаб ўлдиргани акс этган видеони тарқатганлар қўлга олингани хабар қилинган эди. Шунингдек, Тошкентда аёлнинг яланғоч рақсга тушган видеоларини тарқатиш билан «шантаж» қилиб, 50 минг доллар талаб қилган эркак қўлга олингани маълум қилинган.

Янгиликлар